description

Технологиялар жадал ривожланаётган бугунги кунда тегишли объектларнинг хавфсизлиги ва барқарор ишлашини таъминлаш масаласи айни вақтда жуда долзарб ҳисобланади. Шу боис, "Ўзаэронавигация" Маркази ДУКнинг ҳар бир ҳудудий бўлинмаларида алоқа узлуксизлигини таъминлаш мақсадида замонавий масофавий бошқарув ва назорат тизимлари жорий этилган. Ушбу тизимлар дизел генератор ва ёнғин-ҳимоя сигнализациясининг ишини реал вақт режимида кузатиб бориш имконини беради.

Шундай лойиҳалардан бири Урганч Ҳудудий бўлинмасида муваффақиятли амалга оширилиб, ҳаводаги ҳаракатнинг ҳавфсизлигини узлуксиз таъминлашда ҳиссасини қўшмокда.

Нега бу муҳим?

Техника ускуналарини доимий жисмоний назорат қилиш имкони ҳар доим ҳам бўлавермайди, айниқса объект марказий пунктдан узоқда жойлашган ёки чекланган шароитда фаолият юритаётган бўлса. Бундай ҳолларда масофавий мониторинг ва бошқарув тизимидан фойдаланиш мумкин ва бу - реал вақтдаги вазиятни тезкор, самарали ва хавфсиз  кузатиш имконини беради.

Қандай ишлар қилинди?

ҲҲБ Урганч ҲБ бўлим мутахассислари томонидан қуйидагиларни ўз ичига олган тизим ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди:

  • Шаҳар электр тармоғи телеметрияси — энергия таъминоти барқарорлигини кузатиш ва зарурат туғилганда захира таъминотни ишга тушириш;
  • Дизел генераторни автоматик ишга тушириш — шаҳар тармоғи узилганда, генератор инсон иштирокисиз автоматик равишда ишга тушади;
  • Генераторни масофавий бошқариш — муҳандислар унинг ишлашини марказий постдан туриб бошқара олади;
  • Ҳароратни назорат қилиш — тизим генератор ҳамда аппарат зали ҳароратини кузатиб, қизиб кетишнинг олдини олади ва бу хақда ахборот беради;
  • Ёқилғи миқдорини назорат қилиш — захираларни ўз вақтида тўлдирилганлигини назорат қилиш имконини беради, шундай қилиб авариявий ўчишлар олди олинади;
  • Хавфсизлик ва ёнғин сигнализацияси — тизимга интеграция қилиниши мумкин ва смена муҳандиси масофадан туриб маълумотлар олади.

Бу қандай ишлайди?

Барча датчиклардан маълумотлар ҳимояланган алоқа қаналлари орқали — симли тармоқлар, радиоқаналлар ёки спутник алоқаси воситасида — марказий компьютерга узатилади. Оператор ёки смена муҳандиси экранда тўлиқ ҳисоботни кўради: яъни жорий параметрлар, хавф сигналлари, шунингдек, узоқдан туриб ускунани ёқиш/ўчириш ёки созламаларни ўзгартириш имконига эга бўлади.

Тизимни модернизация қилиш имкони бўлиб — унга қўшимча модуллар қўшиш, автоматик таъсир (реакция) сценарийларини созлаш, ҳамда объектларни бошқаришнинг кенгроқ тармоғига интеграция қилиш мумкин.

Унинг афзалликлари нимада?

  • Хавфсизлик ва ишончлилик — тизим ноқонуний киришлардан ҳимояланган.
  • Ўз вақтида таъсир кўрсатиш (реакция) — оператор муаммо пайдо бўлиши биланоқ уни кўради ва дарҳол чора кўриши мумкин.
  • Харажатларни камайтириш — доимий навбатчилик қилишнинг ҳожати йўқ.

Бундай технологиялар энди фақат келажакнинг бир қисми эмас, балки кундалик иш жараёнига айланмоқда. ҲҲБ Урганч ҲБ бўлимида жорий этилган тизим ўз  самарадорлиги ва ишончлилигини аллақачон исботлаган. Бу — рақамлаштириш, энергия самарадорлиги ва бутун аэронавигация тизими хавфсизлигини ошириш сари ташланган муҳим қадамдир.

Меню